МанзилМустақиллик шох кўчаси
Ишонч телефони+998 (75) 592-17-02

“Ўзингиз ва яқинларингизни асранг” - Косон тумани ҳокими туман аҳлига мурожаат қилди

 Ҳурматли тумандошлар!

Коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида сизларга мурожаат қилмоқчиман. Барчангизга маълумки, Республикамиз миқёсида 10 июлдан карантин қоидалари яна кучга кирди. Аввало биз вирусни мазкур қоидаларга қатиий риоя қилган ҳолда, санитария гигиенага амал қилиб енгишимиз мумкин.

Бутун дунёни жиддий ташвишга солаётган коронавирус инфекциясига қарши курашиш бўйича Муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида Давлатимиз зарур чора-тадбирларни кўрганлиги, мамлакатимизда хавфли эпидемиянинг олдини олиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилганлиги, тегишли шарт-шароитлар, имконият ва имтиёзлар яратилганлигига қарамасдан, айрим фуқароларнинг карантин қоидаларига тўла риоя этмаслиги, касаллик камайиши муносабати билан берилган имтиёзларни суистеъмол қилишлари оқибатида айрим ҳудудларда эпидемияга чалинганлар сони кундан кунга ортиб бораётганлиги қайд этилмоқда.

Шундай экан вазиятга совуққон қараб бўлмайди. Вирусни енгиш учун бугун Косон туманида барча чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан Туман ҳокимлиги, Ички ишлар бўлими, Миллий гвадрия ходимлари, тиббиёт ходимлари куну тун аҳоли саломатлигини мухофаза қилиш учун курашмоқда.
Жойларда назорат тадбирлари кучайтирилган тартибда ўтказилишига қарамасдан ўз саломатлигига бефарқ қараётган, белгиланган тартибларга бўйсинмаган фуқароларимиз ҳам йўқ эмас.
Аммо бугун хотиржамликка берилиб бўлмайди. Оддий эҳтиётсизлик оқибатида нафақат ўзингиз балки яқинларингизнинг саломатлигига ҳам жиддий хавф туғдиришингиз мумкин. Шу туфайли туман аҳлига

 -Хонадонларимизни тоза –покиза тутиш,

-Шахсий гигиена қоидаларига тўла риоя этиш,

-имкон қадар кўчага чиқмаслик,

-жамоат жойларида ижтимоий масофани сақлаш,

-Кишилар билан яқин масофада сўрашмаслик (Қўл бериб ёки қучоқлашиб кўришмаслик),

-зарурат юзасидан кўчага чиққанда нафас йўллари учун ниқоб тутиш ва уни ўз муддатида алмаштириб туриш,

-карантин муддати тугагунча тўй ва маросимлар ўтказмаслик ҳамда бундай йиғинларга бормаслик.

-Меҳмон қабул қилиш ва меҳмонга боришни тўхтатиб туриш талаб этилади.

Шуниндек, Республика махсус комиссияси қарорида белгиланган тартиблар эртадан Косон туманида ҳам кучга киради.

Яъни, тумандаги барча йирик савдо нуқталари, кийим бозорлар фаолияти тўхтатилади. Деҳқон бозори барча талабларга жавоб берсагина, бозор маъмурияти назорат ўрнатсагина фаолият кўрсатади. Аммо шанба ва якшанба кунлари бу бозорлар ҳам ишламайди. Чунки бозор ҳудудида кенг кўламли тозалаш ва дезинфекция ишлари олиб борилади.

Автомашиналар ҳаракати тартибга келтирилади. Автотранспорт воситаларида махсус рухсатномасиз (стикерсиз) ҳаракатланишга фақатгина куннинг муайян вақтида рухсат этилади. Автобуслар, дамаслар фаолиятига рухсат этилмайди.

Давлат органлари ва барча ташкилотларда йиғилиш ўтказиш тақиқланади. Зарурат туғилмаганда ходимлар масофадан ишлаш тизимига ўтади.

65 ёшдан ошган шахсларнинг уйдан чиқмасликлари тавсия қилинади, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб харакатланишига рухсат берилмайди.  


Миллий гвардия, Ички ишлар ва ҳокимлик масъуллари томонидан махсус рейдлар ўтказилади. Карантин қоидаларига риоя этиш жиддий назорат қилинади.
Фуқаролардан бесамар кўчага чиқмаслик, оралиқ масофа сақлаш, тиббий ниқобда бўлиш талаб этилади.

1 августгача белгиланган бу тартиб қоидалар фақат ва фақат фуқароларимизни коронавирус инфекциясидан ҳимоя қилиш мақсадида амалга оширилмоқда. Шу туфайли сизнинг саломатлигингиз учун курашаётган соҳа ходимларининг меҳнатини қадрланг. Ўзингиз ва яқинларингизни асранг.

Такрор бўлсада айтаманки, сиз билан бизнинг мавжуд вазиятдан чиқишга қўшадиган энг катта ҳиссамиз карантин қоидаларига оғишмай амал қилишда сабр-тоқат ва интизомлилик намунасини кўрсатиш, оғир – босиқлик, якдиллик ва ҳамжиҳатликдир. Уйда қолинг.

Асрол Бойкараев, Косон тумани ҳокими