МанзилМустақиллик шох кўчаси
Ишонч телефони+998 (75) 592-17-02

Сариқ тарвуз етиштирган косонлик тадбиркор экспортбоп лавлаги экди

Қашқадарё вилояти Косон туманида фаолият олиб бораётган “Sunny Land Export” МЧЖ раҳбари Нурбек Каримов Голландиядан сариқ тарвуз уруғларини олиб келиб, синов тарзда экиб кўргани кўпчиликка маълум. Бир зумда тадбиркорнинг тарвузлари тилга тушиб, экспортга ҳам йўналтирилганди.

Айни қаҳратон қишда тадбиркор яна бир экспортбоп маҳсулот етиштирмоқда.Косон туманининг Гувалак қишлоғи ҳудудида ажратилган 10 гектар ер майдонига тўқсонбости усулида  экилган қизил лавлагилар ҳаво ҳарорати совуқ бўлишига қарамай, униб чиқди.



– Қизил лавлагини эскпортга йўналтириш учун аввал уни етиштиришни ўрганиш керак. Шуни инобатга олиб, биз Сурхондарё вилояти билан тажриба алмашдик,- дейди МЧЖ иш юритувчиси Акмал Қулназаров.
– Экиш ишлари ноябрь ойи охирларида якунланган эди. Энди март ва апрель ойларида ҳосил олишни ният қилиб турибмиз.

Акмал Қулназаровнинг маълумот беришича, 1 гектар ер майдонида етиштирилган лавлагидан 40 тонна ҳосил олиш имкони бор. Тайёр бўлган маҳсулот эса Россияга экспорт қилинади.

Маълумотларга эътибор қаратиган бўлсак, илгари қизил лавлагидан фақат дори сифатида фойдаланишган экан. Ҳозирги замон олимлари эса унинг саломатлик ва узоқ умр кўришга катта таъсир кўрсатадиган мўжизакор неъмат эканлигини тасдиқлашмоқда.

“Sunny Land Export”  МЧЖ экспортга йўналтириладиган маҳсулотлар турини кўпайтириш, жумладан, булғор қалампири ва эртапишар тарпеда навли қовун ва тарвуз етиштиришни ҳам мақсад қилиб турибди. Албатта, чўл ҳудудида, ишлатилмаган ва қаровсиз ерлардан яхши ҳосил олиш осон эмас. Аммо ишбилармон тадбиркор ҳар қандай қийин ишни ҳам уддасидан чиқади. Дастлабки йилларда эришилган натижа буни исботлаб турибди. 

2021 йилда тадбиркор томонидан 100 гектардан ортиқ ер майдонлари ўзлаштирилиб, 200 га яқин мавсумий иш ўринлари яратилиши режа қилинган.