МанзилМустақиллик шох кўчаси
Ишонч телефони+998 (75) 592-17-02

Республикамизда энг кўп пахта етиштирадиган туман

Республикамиз ва Қашқадарё вилоятида энг кўп пахта етиштирадиган ва энг кўп пахта топширадиган Косон тумани 2020 йил учун  пахта топшириш шартномавий режасини ошиғи билан бажарди. 


"Косонлик заҳматкаш фермерлар бу йил 63 минг 680 тонна пахта топширди,- дейди Косон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Фаҳриддин Номозов. -Жорий йилда 1120 та фермер хўжаликлари  томонидан 21 минг 700 гектар майдонда ғўзанинг «Порлоқ», «Бухоро-6», «Бухоро-8» навлари экилиб, агротехник қоидалар асосида парваришланди.  Пахтани қисқа муддатларда сифатли қилиб териб олиш, теримга  иш билан банд бўлмаган уюшмаган аҳолини ихтиёрий жалб этиш бўйича барча зарурий чоралар кўрилди".


Айтиш жоиз, бу йил Косон туманида терим мавсуми ҳар йилгидек уюшқоқлик билан ташкил этилди. Ҳосилни йиғиб олиш ишлари учун 259 та терим отрядлари тузилди. Бу отрядларда 32 минг нафарга яқин теримчи меҳнат қилди. 

Терим ишларининг дастлабки кунларидан косонлик фермерлар биринчи теримданоқ пахта топшириш режасини бажара бошлади. Косон, Гулбоғ, Бобур, Андабозор, Гувалак, Беруний, Арабхона ҳудудлари бу борада пешқадамликни қўлдан бой бермади.


"Бу йил Косон туманида етиштирилган ҳосилни йиғиб олиш учун четдан теримчи жалб қилинмади. Маҳаллий аҳолининг даромад топишга бўлган иштиёқи туфайли 63 минг тонналик хирмон кўтарилди. Бунда фермерларимиз, қишлоқ хўжалиги ходимларининг ҳам меҳнати беқиёс бўлди", - дейди туман фермерлар кенгаши раиси Саид Донаев. 

 

Терим ишлари бошлангандан сўнг, Косон тумани ҳокими Асрол Бойкараев туман аҳлига мурожаат билан чиқди.

"Айни мавсум даромадсиз қолганлар учун қулай фурсат. – Ишсиз фуқаролар пахта териб пул топаман деса, барча шароитни яратиб берамиз. Далага бориш учун автобус ташкиллаштирилади. Иссиқ овқат берилади. Терим пуллари мунтазам равишда дала бошида етказилади. Фақат фуқароларимиз  бу имкониятдан фойдаланиб, оқ олтинимиз ҳисобланган пахтани териб олишга ёрдам беришлари керак. Ва яна таъкидлайман, ҳеч кимни пахта терасан деб мажбурлаш йўқ. Айниқса бюджет ташкилотлар, мактаблар, тиббиёт муассасаларининг ҳеч бир ходимини пахтага жалб қилиш асло мумкин эмас. Бунинг учун жавобгарлик борлигини раҳбарлар яхши билиши керак",- деб алоҳида таъкидлади туман ҳокими.

Ҳокимнинг мурожаатидан сўнг, жойларда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида тарғибот ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, ишсиз ва даромадсиз қолган фуқароларга пахта териб, моддий аҳволни яхшилаш мумкинлиги тушунтирилди. Бу натижа ҳам берди.Косонлик кўплаб оилалар биринчи теримдаёқ ўз рўзғори учун 30 млн сўмга яқин маблағ жамғарди.

 “Бир кунда 1 млн 200 минг, 1 млн 300 минг пул топяпмиз, – дейди ана шундай оила боши Азамат Жумаев. – Мен, хотиним, 2 та ўғлим, қизим ва келиним билан жами бўлиб 6 киши терим ишларида қатнашяпмиз. Кунига 1 тонна, баъзан 1 тонна 200 кг пахта терган вақтларимиз ҳам бўлди”.

"Гулбоғ" маҳалласида истиқомат қилаётган мазкур оила айни кунларда пахта териб, 41  млн 80 минг  сўм пул ишлади. 
Жумаевлар оиласи каби кўплаб оилалар оилавий терим ишларида қатнашиб, даромадини оширди. Бигина Косон тумани теримчилари учун шу кунга қадар 80 млрд сўм пул тарқатилди. Бу пул пандемия даврида ишсиз қолган фуқароларнинг оилавий бюджетини оширишга ҳисса қўшмай қолмайди.

"Косон туман Гулбоғ маҳалласига қарашли 81-ортядимизга 4 та оила мавсум бошидан бошлаб ўз оиласини даромадига даромад қўшиш учун пахта йиғим-теримида иштирок этишди. Бу оилалардан Жумаев Азамат, Жумаев Фурқат, Эргашев Изатулла, Кароматов Зоҳид 5 та оила аъзолари билан иштирок этишди, - дейди 81-отряд раҳбари Гавҳар Жумаева.

"Косонликлар меҳнатдан қочмайди. Меҳнатингизга яраша яхши ҳақ тўланиши эса ишингиз унумдорлигини белгилайди., - дейди эркаклар отрядида меҳнат қилган "Бўлмас" қишлоғида истиқомат қилувчи Ренат Унгбоев. - Ишсизман, иш йўқ деб ўтирган фуқароларимизга тавсия этаман, пахта теринг, пул топинг. Бир кунда 100 кг пахта терсангиз, 120 минг сўм топасиз.10 кунда эса 1 млн 200 минг сўм, бир ойда бемалол 5 млн сўмгача даромад кўрсангиз бўлади". 

Яна бир муҳим маълумот, Косон туманида нафақат теримчи кучидан балки пахта териш машиналаридан ҳам фойдаланилди. Президент Шавкат Мириёев ташаббуси билан замонавий, юқори самарали пахта териш машиналарини ишлаб чиқариш ва теримни машинада ташкил этиш ҳисобига ҳам вақт тежалмоқда ҳам ишчи кучига бўлган талаб қондирилмоқда. СE-220 русумли пахта териш машиналари трансформер шаклида ишлаб чиқарилаётган бўлиб, мавсумда пахта териш машинаси сифатида қолган даврларда универсал-ҳайдов трактори сифатида фойдаланиш имконини беради. Терим кунларининг дастлабки кунида туманнинг олис ҳудудларига 10 та терим машиналари келтирилди. Кейинчалик бу машиналар сони 40 тага етди.
 


"Бу йил вилоят бўйича энг кўп терим машинаси Косон туманига келтирилди,- дейди туман ҳокимлиги бош мутахассиси Санжар Қодиров.  - Бир кунда ҳар бир терим машинаси 8, 10 тонна пахта термоқда. Бу 100 кишини ўрнини босади дегани. Ўзимиз дала бошида туриб, жараённи кузатганимизда, терим ишлари пахта машинасида ҳам сифатли бажарилганини гувоҳи бўлдик".

Сифатли паха толасини етиштиришда фермерларнинг ҳам ҳиссаси катта бўлди. Гувалак фермерлар ҳудуда фаолият олиб бораётган "Бўстондаги Нурмат боғи" фермер хўжалиги бу йил ҳам яхши натижага эришди.


"Фермер хўжалигимизнинг умумий ер майдони 190 гектарни ташкил қилади. Бу йил шундан 108 гектарига пахта етиштирдик. Белгиланган режа 271 тонна этиб белгиланган эди. Биз 299 тонна, 110 фоиз пахта топширдик. Ҳозирда иккинчи ва учинчи терим ишлари далаларимизда уюшқоқлик билан давом этмоқда. Режани 120 фоизга етказмоқчимиз", -дейди фермер хўжалиги раҳбари Мадамин Султонов.

Давлатимиз раҳбари кластер тизимига тўхталар экан:
«Қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларидаги кластерлар жойларда тадбиркорликни ривожлантиришнинг локомотиви бўлиши керак», ҳамда «кластер тизими – бу манфаатдорлик, соҳага илм-фан ва инновациянинг кириб келиши, қишлоқ хўжалигининг келажаги ва рақобатбардош бўлиши демакдир», деб  алоҳида таъкидлагандилар.

Пахта хомашёсини етиштиришда давлат буюртмаси тўлиқ бекор қилиниб, қишлоқ хўжалигида эркин бозор тамойиллари шакллана бошлади. Косон туманида ҳам пахта етиштиришда кластер тизимининг ҳисса катта бўлди. Туманда ташкил қилинган «Бунёдкор» ва «Бахт» кластерлари фермерларга агротехник тадбирлар бажарилиши ва барча жараёнда яқиндан ёрдам берди.


Айни кунларда туманда биринчи терим ишлар якунланиб, ҳудудларда иккинчи терим ишлари уйқоқлик билан ташкил қилинмоқда.

Эътиборлиси, дастлаб Косон туманида қўлда терилган 1 килограм пахта учун 1200 сўмдан ҳақ тўланган бўлса, эндиликда  1600 сўмдан тўланиб, 50 килограмдан ортиқ пахта терган теримчига 1 литр ўсимлик ёғи рағбатлантириш мақсадида тарқатилмоқда.

Далаларда ҳали ҳосил мўл. Бу эса бободеҳқонларимиз учун йил омадли келганидан дарак беради.

Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати