МанзилМустақиллик шох кўчаси
Ишонч телефони+998 (75) 592-17-02

Бу сафарги ўрганиш ишлари Навбаҳор ва Лолазор маҳалласида давом этди (Фото)

Куни кеча хабар берганимиздек, Косон тумани ҳокими ҳар куни маълум вақтини маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этишга сарфламоқда.

Бугун ҳам эрта тонгдан тумандаги барча ташкилот раҳбарлари туман ҳокимлиги бошчилигида Навбаҳор ва Лолазор маҳалласини пиёда юриб, ҳудуддаги муаммоларни бирма бир ўрганиб чиқди.

Айтиш жоиз, мазкур маҳаллалардаги уй-жойларнинг маълум қисмини кўп қаватли турар-жойлар ташкил қилади. 2 қаватдан иборат уйлар бугунги анча эскириб қолган. Шу туфайли канализация тизими ишламайди. Ҳожатхоналар уйлар атрофида жойлашган. Аммо жуда эски. Фуқаролар ҳар хил жойда талабга жавоб бермайдиган ҳожатхоналарни қуриб ташлашган. Бу ҳам етмагандек, уйлар атрофида ноқонуний қурилиш ишлари амалга оширилган. Белгиланмаган ҳудуд фуқаролар томонидан девор билан ўраб олинган.

Туман ҳокими ўрганиш ишлари давомида айнан шу жиҳатларга ҳам эътибор қаратди.

"Биз кўп қаватли уйларда истиқомат қилаётган фуқароларга шароитларни яратиб берамиз. Ҳар икки хонадон учун махсус ҳожатхоналар қурилади. Фақат фуқароларимиз маҳалла кўркини бузиб турган турли қурилишларни бузиб олишлари керак. Чунки белгиланмаган ҳудудда қурилиш қилиш ёки "дом"ларнинг атрофини девор билан ўраб олиш мумкин эмас", - дейди Асрол Бойкараев.

Ўрганиш ишлари давомида туман ҳокими ҳудудни ободонлаштириш ишларига ҳам эътибор қаратди. Айтиш жоиз, айрим фуқаролар томонидан чиқинди белгиланган жойга тўкилмасдан турли жойларга ташлаб кетилмоқда. Туман ободонлаштириш бошқармаси ва туман "Тоза ҳудуд" ДУК чиқинди муаммоси бўйича фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларга бу борада тушунтириш ишларини олиб борди.

Шунингдек, маҳаллаларда айрим ҳудудлар тадбиркорлар томонидан ноқонуний эгаллаб олинган. Қонуний олинган ер майдонларида эса қурилиш ишлари амалга оширилмаган. Тадбиркорлик объекти мижозлар учун қулай шароитлар яратмагани, хусусан умумий овқатланиш масканларида санитария қоидаларига риоя этилмаётгани маълум бўлди. Туман ҳокими тадбкиркорларни ўзлар билан суҳбатлашиб, бу борада уларни огоҳлантирди.

Туман ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ маҳаллаларни ободонлаштириш, айрим соҳалардаги муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳар куни ўрганиш ишларини олиб боради. Маълум бўлишича, кейинги манзил Дўстлик маҳалласи. Фуқароларимиз ҳам юқорида таъкидлаганимиздек, ўзлари истиқомат қилаётган ҳудуд ободлигига бефарқ бўлмасликлари керак. Чунки озодалик бор жойда барака бўлади. 



















Косон тумани ҳокимлиги ахборот хизмати